Туянинг сутлари ва сийдиклари

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир гуруҳ одамлар Мадинада ҳаво ёқмаслик хасталигига учрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ўзларининг туя боқувчилари олдига боришни ва уларнинг сутларидан ва сийдикларидан ичишни амр қилдилар. Бас, улар у зотнинг чўпонларига бориб қўшилишди ва у(туя)ларнинг сутларидан ҳамда сийдикларидан ичишди. Баданлари соғайганда эса, чўпонни ўлдириб, туяларни ҳайдаб қочишди. Бунинг хабари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етди. У зот уларни тутиш учун одам юбордилар. Бас, улар тутиб келтирилди. Шунда уларнинг қўл-оёқларини кесдилар ва кўзларига тамға босдилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

 Шарҳ: Ушбу қиссадаги ҳаво ёқмай бемор бўлганлар етти кишидан иборат бўлган. Бошқа ривоятларда таъкидланишича, улардан тўрт киши, Урайна қабиласидан бўлган. Мазкур етти киши Мадинаи Мунавварага келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида мусулмончиликни қабул қилганлар. Аммо, Мадинаи Мунавваранинг ҳавоси ёқмай қоринлари оғриб, шишиб кетиб, бемор бўлиб қолганлар.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни шаҳар четига чиқиб, истиқомат қилиш ва садақага тушган туяларнинг сут ва сийдикларидан ичишга амр қилганлар. Улар мазкур ишни қилиб, соғайиб кетганлар. Аммо, афсуски, Исломдан қайтиб, муртад бўлганлар ва Ясор ан-Нубий исмли туябоқарни ўлдириб, садақага тушган туяларни ҳайдаб қочганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шаҳар ҳавоси ёқмай, бемор бўлган кишилар яхши ҳаволи жойларга бориб, ҳайвон сути ичсалар, фойда топиб соғайишлари мумкинлиги.

2. Бир неча жиноятни бир йўла қилган шахсларга нисбатан бир неча жазо қўллаш мумкинлиги.

 

Ҳажжож Анасга:

«Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллаган энг шиддатли иқоб ҳақида сўзлаб бер», деди. Шунда у ушбу ҳодисани сўзлаб берди. Бу хабар Ҳасанга етганда:

«Менимча, бу ҳақда унга сўзлаб бермаганда яхши бўларди», деди».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда номи зикр қилинган Ҳажжож умавийларнинг аскарбоши ва волийларидан бири бўлиб, тўлиқ исми Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий бўлган. Бу шахс тарихда золим Ҳажжож номи ила машҳур бўлган. Унинг золимлиги ҳаммага зарбул масал бўлган. Худди ана шу киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғ саҳобаларидан бирлари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга мурожаат қилиб:

 «Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллаган энг шиддатли иқоб ҳақида сўзлаб бер», деди».

Ҳажжож ўз касби бўйича бирор нарса эшитишни хоҳлаган эди.

«Шунда у ушбу ҳодисани сўзлаб берди».

Яъни, Ҳажжожни талабига биноан Анас розияллоҳу анҳу ўша закотга тушган туяларнинг чўпонини ўлдириб ўзларини ҳайдаб қочган муртадларга боғлиқ ҳодисани сўзлаб берди.

«Бу хабар Ҳасанга етганда:

«Менимча, бу ҳақда унга сўзлаб бермаганда яхши бўларди», деди».

Чунки Ҳажжожга ўхшаш золим бу эшитганини муртадларга эмас, мусулмонларга қарши қўллаши мумкин.

 

Ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан эшакнинг сути, йиртқич ҳайвоннинг ўти ва туянинг сийдиклари ҳақида сўралди. Шунда у киши:

«Мусулмонлар улар ила даволанар эдилар. Бир нарса кўрмас эдилар», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда исмлари зикр қилинган Ибн Шиҳоб, улуғ тобеъинлардан. Тўлиқ исми Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий розияллоҳу анҳудир. У киши жуда ҳам илмли бўлганларидан кўпчилик савол билан мурожаат қилиб турар эди. Бу ривоятда ўшандоқ саволлардан бири ҳақида сўз кетмоқда.

«Ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан эшакнинг сути, йиртқич ҳайвоннинг ўти ва туянинг сийдиклари ҳақида сўралди».

Демак, одамлар орасида мазкур нарсалардан даво мақсадида фойдаланса бўладими, йўқми, деган масалада ихтилоф бўлган. Ана ўша ихтилофга чек қўйиш, масалани ойдинлаштириш учун Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий розияллоҳу анҳудан сўралган.

«Шунда у киши:

«Мусулмонлар улар ила даволанар эдилар. Бир нарса кўрмас эдилар», деди».

У киши мусулмонларнинг қилиб юрган амалларига суянган ҳолда жавоб бердилар.

Уламоларимиз, мазкур нарсалардан фақатгина ҳозиқ табибнинг шаҳодати ила улардан бошқа наф бермаслиги тасдиқлангандагина даво учун фойдаланиш мумкин, дейдилар.

Манба: http://tib.islom.uz